Ҳаёт ва инсон фалсафаси

Олам ва одам фалсафаси замонларнинг ҳам, маконларнинг ҳам, инсонларнинг ҳам муаммоси бўлиб келган. Мағрибзамину машриқзаминдан етишиб чиққан барча мутафаккирлар бу ҳақда бош қотиришган. Ўз мушоҳадаларини ёзиб қолдиришган. Ана шулардан бири немис файласуфи Фридрих Нитшедир. Унинг қарашлари ўзга замондошлариникидан тубдан фарқ қилган. У фалсафий қарашларини бадиий талқинда ифода этиш салоҳияти билан ўзгалардан ажралиб турган.

18 декабрь куни институтимизнинг маданият саройида навбатдаги “Ибратли Ижодкор Инсонлар” рукнидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унинг мавзуси “Нитше: Ҳаёт ва инсон фалсафаси” деб номланган бўлиб ижодий мулоқотимиз меҳмони  сиёсий фанлар доктори,  Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг профессори, “Ижтимоий фанлар” кафедрасининг мудири, Нарзулла Қосимович Жўраев бўлдилар.

Тадбирга модераторлик қилган устоз Раҳимбой Жуманиёзов сиёсатшунос олим ва педагог Нарзулла Қосимович Жўраевни давра аҳлига таништирдилар. Шунингдек, устоз Нарзулла Жўраев ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар.

Кейин эса “Олам ва одам талқинида” деб номланган видеоролик намойиш этилди. Унда асосан  “Авесто” ҳақида ҳамда Нитшенинг ҳаёт ва инсон фалсафаси ҳақида қисқача маълумот берилди.

Модератор Нарзулла Жўраевни саҳнага таклиф қилди ва мамнуният билан уларга сўз бердилар. Нарзулла Жўраев Нитшенинг ҳаёт ва инсон ҳақидаги қарашларни илмий асосда таҳлилш назаридан ўтказди. Янги ва қизиқарли маълумотлар содда тилда тушунтириб берилгани учунми талабаларни бефарқ қолдирмади.  

Тадбир сўнгида талаба ва профессор ўқитувчилар томонидан берилган саволларга Нарзулла Жўраев аниқ ва тўла жавоб қайтарди. Институтимиз ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков ҳурматли меҳмонга, маърифатпарвар олимга профессор-ўқитувчилар, талаба ва магистрантлар номидан ўзларининг самимий миннатдорчилигини билдирдилар.

Нитше таъбирича, одамзотнинг шаклланиш, яъни такомиллашув босқичи қуйидагича йўсинда бўлади.

Одам – Аъло одам – Олий одам

Яъни, буни шундай тарзда ифодалаш мумкин. Индивид – Инсон – Шахс

Фридрих Нитшеда шундай бир қараш бўлган. Одамзод ўзига нисбатан бешафқат бўлиши керак. У ўзининг эҳтиёжини тўла қоплай бошласа, танбалликни хуш кўрадиган бўлиб қолади. У яратувчанликка интилиб яшаши керак.

Президентимиз айни кунларда бот-бот қўллайдиган бир ибора бор. Бу “ўзни қийнаш”дир. Ўзини қийнамаган инсонда ватан туйғуси ва оила қайғуси ҳам бўлмайди. Унда ватан тақдирига, юрт қисматига дахлдорлик туйғуси бўлмас экан, ҳеч нарсага эришолмайди, ҳаёт лаззатини ҳам суролмайди. Ўшандай  инсонларгина элу юрт манфаати, ватан равнақи йўлида жонини аямасдан ўзини қийнаб, ёниб-куйиб ишлаши мумкин.

Нитше мунофиқ, иккиюзламачи одамлардан нафратланган. Уларга ғазабнок кўз билан қараган. Келинг, яхшиси, Нитше ва Нарзулла Жўраевнинг бир-бирини қувватловчи фалсафий фикрларини келтирайлик.

Нарзулло Жўраевнинг ушбу мулоҳазалари унинг “Тахайюл, тасаввур, тафаккур” номли китобидан ўрин олган.

Н.Жўраев: Нитше ғоялари серқирра, ўта исёнкор, ўта ҳароратли, ўта жозибадор. У ҳар қандай инсон қалбини жунбишга келтиради. Шу билан бирга фавқулодда катта ва қудратли таъсир кучига эга. Унинг ўзининг сўзи билан айтганда “динамит” ғоялар. Дарҳақиқат, Нитше ғоялари тахайюлдаги динамит, тасаввурдаги динамит, тафаккурдаги динамит.                      

Ф.Нитше: Мен сизларга Аъло одам ҳақида таълимот беражакман. Аъло одам заминнинг мазмуни. Сизнинг иродангиз айтсин: “майли, Аъло одам заминнинг мазмуни бўлсин!” Биродарларим, мен Сизга илтижо қилиб айтурман: заминга содиқ бўлингиз…

Ф.Нитше: “Икки дунёдаям бутни билмаганга черковнинг нима ҳожати бор?”           

Н. Жўраев: Имонинг суст бўлса, мачитга бориб нима қиласан? Бандасига-ку ҳунарингни кўрсатаяпсан, энди Худони ихтиёрига қўй! Ҳеч бўлмаса Унга ҳиёнат қилма, мунофиқ бўлма!

Ф.Нитше: “Доимо кучлиларни кучсизлардан ҳимоя қилиш лозим!” 

Н. Жўраев:Кучлилар ҳамиша озчиликни ташкил этади. Кучсизлар, ожизлар, маънавий заифлар эса кўпчиликдан иборат. Ҳар қандай шароитда кўпчилик озчиликни енгади, ғалаба қилади. Ожизлар, нотавон ва ношудлар қумурсқа мисоли ёпирилади, талайди. Охир-оқибатда кучлиларни абгор қилади.     Масаланинг яна бир мантиқий томони бор: кучлилар ўз кучи ва иродасига ишониб, якка-якка тартибда яшашади. Ожизлар эса бирлашиб, тўда-тўда бўлиб, ғуж яшашади. Кучларни бирлаштиришади ва охир-оқибатда кучлилардан устун келишади.

Н. Жўраев: Нитше инсоннинг ожизлиги, ноқобил ва нотавонлигидан ғазабланади. Бундайларни ивирсиб юрган майда жониворларга, ҳашаротларга қиёслайди. Баъзан ҳиссиёти кўпириб, уни таҳқирлагандай, камситгандай бўлади. Изтиробли нафрат бўҳронига, инсонга қарши исёнга айланади. Бу унинг инсонга нисбатан шафқатсизлигидан эмас, балки, унинг тақдири ва кечмишига бефарқ эмаслигидан, ачинаётганидандир.   

Тадбир иштирокчиларнинг билим қамровини кенгайтириш мазмунида ушбу ижодий мулоқот кўпчиликка манзур келди ва узоқ вақт уларнинг ёдида сақланиб қолишига ишончимиз комил.

 

“Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов